ЮРТБОШИМИЗ ҲАМИША ОРОЛБЎЙИ ҲАҚИДА ҚАЙҒУРАДИ...

ЮРТБОШИМИЗ ҲАМИША ОРОЛБЎЙИ ҲАҚИДА ҚАЙҒУРАДИ...

Ҳамида Сейидбаева -

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар Университети, Биотехнология ва чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш технологияси факультети талабаси:

- Қорақалпоғистоннинг Амударё туманида туғилганман. Оилада 3 фарзандмиз, опам ва укам бор. Дадам қурувчи, онам уй бекаси. Болалигимдан шифокор бўлишни, одамларнинг дардига даъво бўлишни, турли касалликларни ўрганишни истардим. Маҳаллада ўсганман. Маҳалламизда эсимни таниганимдан бери, ўзбек ва қорақалпоқлар, қолаверса, яна бошқа миллат вакиллари тинч – тотув, аралаш яшарди. Тўйларимиз, маъракаларимиз, байрамларимиз бир эди. Амударё туманидаги 29 - умумтаълим мактабида, сўнг эса, тумандаги Аграр коллежида (Ҳозир техникум бўлган) таҳсил олдим. Болалигимни эсласам, қўшниларимиз билан ҳамиша ҳамжиҳатликда яшаганимизни хотирлайман.

- Вояга етган сайин орзуларим ҳам ўзгариб бораверди. Инсон саломатлигини сақлашда, у истеъмол қилаётган озиқ – овқат маҳсулотларининг ўрни катта экан! Бир сўз билан айтганда, кундалик қабул қилаётган маҳсулотларимиз - кайфиятимиз, саломатлигимиз, умримиз даъвомийлиги ва бошқа факторларга катта таъсир қилишини ўзим учун кашф этдим. Бу “кашфиёт” режаларимни ҳам ўзгартириб юборди ва она юртимнинг қадим ва кўҳна шаҳрида мен қизиқаётган соҳа бўйича мутахассислар тайёрланишини билиб олдим.

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар Университети, Биотехнология ва чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш технологияси факультети талабаси бўлганимда эса, ота – онам, яқинларим ва албатта, ўзим ҳам қувондим.

Амударёда яшасам, нима бўлибди!

Орада масофа 1100 км.дан ортиқ бўлса нима қилибди!

Ота – онам ва бошқа яқинларимни фақат байрамлар ва таътил кунларида кўрсам, нима қилибди?

Ахир, биз билим оляпмиз –ўз келажагимизни қуряпмиз!

Мўйноқлик яқин дугонам бор- исми Ҳосила, параллел гуруҳда ўқийди, жуда яхши қиз. Яқинларимни соғинсам, шу дугонам билан дийдорлашамиз! У ҳам менга ўхшаб, узоқдан илм истаб, Самарқанду азимда юрибди.

Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистонда, Нукусда бўлган воқеаларни кузатдим - тўғриси, бундай бўлиши “етти ухлаб тушимизга ҳам кирмаганди!” Бундай воқеалар бизда бўлишини, ҳеч ақлимиз қабул қилмаяпти...

Начора, лекин шундай ҳунук воқеалар бўлган! Бу воқеаларни қорақалпоқлар қилганига ишонмайман – улар бегона, бошқа жойдан келиб, бу воқеаларни уюштиришган, назаримда. Икки қардош миллатни бир –бирига гиж – гижлаб, уриштиришмоқчи бўлишган – бор гап шу!

Президентимиздан ва хукуматимиздан миннатдорман! Юртбошимиз Мўйноқни гуллатди ва ҳамиша Оролбўйи аҳолиси ҳақида қайғуради.

Керакли пайтда, керакли қарорни чиқарди ва ҳаммани тинчлантирди. Қорақалпоқлар унақа миллат эмас, айрим ёвуз кучлар уларни ёмонотлиғ қилишмоқчи бўлишди.

Бу воқеалардан анча ҳафа бўлдим. Устозларим, дўстларим ва ҳамкасбларим ҳол – аҳвол сўрашди.

Билганим шуки, Нукусда 12 та туман бўлса, уларда истиқомат қилувчи аҳоли барча – бир мақсад йўлида жипслашган - тинч ва фаровон яшаш!

Улар яна аввалгидек, бирдам бўлишини истайман!

Ва албатта шундай бўлади!



Гулчеҳра суҳбатлашди