ВЕТЕРИНАРИЯ ВРАЧИНИНГ ҚАСАМЁДИ

ВЕТЕРИНАРИЯ ВРАЧИНИНГ ҚАСАМЁДИ

4 июль куни Самарқанд ветеринария медицинаси институтида битирувчи магистр ва бакалаврларга диплом топшириш ҳамда "Ветеринария врачи қасамёди"ни қабул қилишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Тадбирни институт ректори, биология фанлари доктори, профессор Худойназар Юнусов кириш сўзи билан очиб, машаққатли ва шарафли илм йўлини босиб ўтган магистр ва бакалавриат босқичи битирувчиларини муборакбод этди.


Сўнгра Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов сўзга чиқиб, битирувчи мутахассисларни бугунги тадбир билан қутлаб, ушбу машаққатли касб йўлида барча билим ва кўникмаларини ветеринария соҳаси учун сафарбар этишда улкан зафарлар тилади. "Ҳозирги соҳамиз ёш кадрлари, - деди қўмита раиси Б.Тўраевич, - хориж тажрибасини ўзлаштиришлари керак, чунки хорижий тажриба соҳанинг янада ривожланишида катта рол ўйнайди, бу эса мамлакатимиз аҳолисини энг аввало, ветеринария соҳаси борасидаги тушунчаларини шакллантиради. Биз Республика бўйича ветеринария соҳасининг етук мутахассислари тайёрлашнинг янги замонавий услубларини қўллаш, шу йўл билан дунё стандартларини, жаҳон тажрибасини соҳага жалб этган ҳолда кўплаб салмоқли натижаларга эришишимиз мумкин", дея таъкидлади қўмита раиси. Тадбирда ветеринария врачи деган касбга эга бўлаётган магистр ва бакалаврлар, соҳанинг анъаналарини, мавқеини сақлашга, унинг нуфузини янада кўтаришга, ветеринар деган номга бир умр доғ туширмасликка, аҳолини инсон ва ҳайвон учун умумий бўлган касалликлардан ҳимоя қилишга, ҳайвонларни касалликлардан асрашга, касбдошларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишга тантанали равишда қасамёд қилдилар.


Бу йил институтни 253 нафар бакалавр, 12 нафар магистр йўналиши бўйича битирувчилари тамомламоқда. Тадбир сўнгида улар профессор ва устозларига чуқур билим олишда яратилган шарт-шароитлар учун миннатдорчилик билдирди. Ўзларининг барча билим ва куч-ғайратларини ветеринария соҳасини янада ривожлантириш йўлида сарф этишга ваъда бердилар.


Шунингдек, институтда янги лавозимга тайинланган проректорлар таништирилди. Унга кўра, ветеринария фанлари доктори, доцент Асадулло Сувонович Даминов илмий ишлар бўйича проректор, ветеринария фанлари номзоди, доцент Бахтиёр Далиевич Нарзиев эса ўқув ишлари бўйича проректор лавозимига тайинланганлиги институт жамоасига маълум қилинди.

Манба: Давлат ветеринария қўмитаси
Ахборот хизмати