Шу йилнинг 6 декабрь куни бир қатор сайтларда эълон қилинган “Ўзбекистон Ветеринария қўмитаси маҳаллий компаниянинг дори воситасини ярим йилдан ортиқ сабабсиз рўйхатдан ўтказмаган” ҳамда “Давлат органи рақобатни чеклади” сарлавҳали хабарлар Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилди.
Мазкур хабарларда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси “Vetteria” хусусий корхонаси томонидан Голландия давлатининг “Intervet Intternational B.V” корхонасида ишлаб чиқарилаётган паррандаларнинг грипп касаллигининг олдини олишда қўлланиладиган “Nobilis® Influenza H9N2” ветеринария дори воситасини ўз вақтида ўрнатилган тартибда рўйхатга олиш гувоҳномаси расмийлаштириб бермаганлиги, натижада олти ой давомида давлат органи рақобатни чеклаганлиги иддао қилинади. Ҳолбуки, тадбиркорнинг мурожаатига Қўмита ҳузуридаги Ветеринария дори воситалари, озуқабоп қўшимчалар сифати ва муомаласи назорати бўйича давлат илмий маркази томонидан ветеринария дори воситасининг синов ишлари давом эттирилаётганлиги тўғрисида бир неча бор маълумот берилган. Яъни, мамлакатимиз парранда гриппидан ҳоли ҳудуд бўлганлиги учун ушбу дори воситаси турли босқичларда синовдан ўтказилаётганлиги хабар қилинган.
Таъкидлаш керак, парранда гриппи инсон ва паррандаларнинг ўлимига олиб келиши мумкин бўлган ўта хавфли юқумли касаллик ҳисобланади.
Қўмита ва Ўзбекистон Республикаси “Parrandasanoat” уюшмаси билан ҳамкорликда олти ой давомида паррандаларнинг грипп касаллиги эмламаси бир нечта вилоятлардаги паррандачилик корхоналарида босқичма-босқич синовдан ўтказилди. Синов ишлари охирига етгач, “Parrandasanoat” уюшмаси эмлама паррандаларнинг маҳсулдорлигига таъсир этмаслигини аниқлаб, мамлакатимизда қўллаш бўйича тавсия берди. Тадбиркорлик субъектига рўйхатга олиш гувоҳномаси расмийлаштирилди. Шу ўринда қаламкашлардан масаланинг моҳиятини тубдан англамай, хабар тарқатишнинг олдини олишларини сўраймиз. Боиси, асосланмаган хабарлар нафақат ўқувчини, балки кенг оммани чалғитиши, тадбиркорга кўмаклашаётган давлат идорасининг шаънига путур етказиши мумкин.
Манба:Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати