ВЕТЕРИНАРИЯ ТАРИХИНИНГ ЎЧМАС САҲИФАСИ!

ВЕТЕРИНАРИЯ ТАРИХИНИНГ ЎЧМАС САҲИФАСИ!

Бугун 2018 йил 14 сентябр юртимиздаги Ветеринария соҳаси вакиллари учун унутилмас кун!

Бугун Самарқанд шаҳрида Давлатимиз раҳбари Муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуслари билан ташкил этилган “Ветеринария медицинаси институти”нинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 декабр Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида аграр соҳада замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган кадрлар етишмаётгани, Айниқса, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик соҳаларида ветеринар мутахассисларга эҳтиёж катта эканлиги алоҳида қайд этилди.

Чорва молларининг зотини яхшилаш, паррандаларда касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш бўйича илмий изланишлар деярли олиб борилмаётганлигига тўхталиб ўтди.

Яқин вақтгача чорвачилик соҳасида етакчи бўлиб келган юртимизда бугун зотдор молларни фақат четдан олиб келиш билан чекланиб қолаётганимизни хеч нима билан изоҳлаб бўлмаслигини, бундай эътиборсизлик ва соҳанинг эртанги ривожини ўйламасликни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмаслигини алоҳида қайд этди.

Ана шу ҳолатларнинг барчасини инобатга олиб, соҳага илмий ёндашувни ташкил этиш ва малакали кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш мақсадида юртимизда Ветеринария медицинаси институтини ташкил этишнинг фурсати келганлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбарининг бу ташаббуси ва қатъий топшириғи асосида жаҳоннинг илғор тажрибалари ўрганилган ҳолда таклифлар тайёрланиб, соҳанинг замон талаблари асосида ривожланишини ҳамда малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида 2018 йил йилнинг 8-майида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Самарқанд ветеринария медицинаси институтини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3703-сон қарори қабул қилинди.

Институт олдига, соҳа учун кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини яратиш, ривожланган хорижий давлатларнинг ветеринария ва чорвачилик соҳаси бўйича илғор тажрибасини ўрганиш асосида таълим жараёнларига тадбиқ этиш, таълим бериш жараёнида назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш каби бир қатор вазифалар белгилаб берилди.

Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг очилиш маросими тадбирига Республикамизнинг барча худудларидан ветеринария хизмати вакиллари ташриф буюришди.

Тадбир дастлаб Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси билан бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси раиси Б.Т.Норқобилов, Самарқанд вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Рустам Қобилов, Самарқанд ветеринария медицинаси институти ректори Х.Б.Юнусов ҳамда институт профессори “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Д.Т.Абдукаримовлар институт очилиш маросимининг рамзий лентасини кесиш жараёнида иштирок этишди.


Институтнинг бош биносида тадбир иштирокчилари учун институт фаолиятига оид кўргазма ташкил этилиб, тадбир меҳмонлари дастлаб ушбу кўргазмалар билан танишди. Меҳмонлар институтда ташкил этилган “Ёшлар иннавацион маркази”да бўлиб, янги лойиҳалар билан танишишди.






Сўнгра кичик мажлислар залида давра суҳбати ташкил этилди. Давра суҳбати давомида Ўзбекистон Республикаси Давлат Ветеринария қўмитаси раиси Б.Т.Норқобилов, Самарқанд вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Рустам Қобилов, Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг профессори, академик Д.Т.Абдукаримов ҳамда институт талабалари Х.Сафаров ва Д.Тилабовалар сўзга чиқди.








Тадбирда Ўзбекистон ветеринарияси истиқболини янада ривожлантиришдек масъулиятли вазифа эртага замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, доимо эл-юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшайдиган, етук ва тажрибали мутахассис бўлиб етишадиган, мана шу олий даргоҳни битирган талабалар зиммасига юкланиши қайд этилди.


Орадан йиллар ўтади, Ветеринария медицинаси институтининг ташкил этилиши ветеринария тарихида ўчмас саҳифа бўлиб қолади.

манба: Давлат ветеринария қўмитаси

Ахборот хизмати