Қадрли ва муҳтарам устозлар!
Аввало, бугун мамлакатимизда Ўқитувчи ва мураббийлар кунини умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлар эканмиз, Сизнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб, ҳаётга дадил татбиқ этишда эришаётган ютуқларингиз ва амалга ошираётган хайрли ишларингиз ҳамда тизим равнақи ва келажаги учун қўшаётган муносиб ҳиссангизни чуқур эътироф этган ҳолда Сиз азиз устозларни ва профессор-ўқитувчиларни самимий муборакбод этаман!
Сизнинг тимсолингизда Устоз деган шарафли номни улуғлаб келаётган юртимиздаги барча азиз инсонларни Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Сизга ва сиз билан ҳамжиҳат бўлиб, бир мақсад йўлида меҳнат қилаётган касбдошларингиз ва меҳнат жамоасига мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр, озод Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг тараққиёти ва саодати, ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш йўлида амалга ошираётган улкан ишларингизда зафарлар тилайман!
Ҳурматли устозлар!
Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги даврига қадам қўйган ҳозирги кунда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида барча соҳаларда кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Ана шу ислоҳотларнинг муваффақияти, мамлакатимизнинг дунёдаги ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши, аввало, илм-фан
ва таълим-тарбия соҳасининг ривожи билан, шунингдек, бу борада бизнинг дунё миқёсида рақобатдош бўла олишимиз билан узвий боғлиқ десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.
Хусусан, ветеринария ва чорвачилик соҳасида ҳам катта ўзгаришлар рўй бермоқда. Самарқанд ветеринария медицинаси институти ва унинг қошидаги академик лицей, Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти, Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти, Балиқчилик илмий-тадқиқот институтлари Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси таркибига ўтказилиши Ветеринария ва чорвачилик соҳасида ёш малакали кадрларни тайёрлашни янада такомиллаштириш, ветеринария мутахассисларининг малакасини ошириш, шунингдек, ветеринария ва чорвачилик соҳасини ривожлантиришда янги инновацион технологияларни татбиқ этишда Сиз устозларнинг ҳиссангиз муҳимлигини таъкидлаш ўринлидир.
Айни вақтда, мазкур таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш, хориждаги етакчи таълим марказлари билан илмий-педагогик ҳамкорликни кучайтириш ҳамда ўқув-тарбия жараёнларига замонавий таълим ва ахборот технологиялари ва инновацион ўқув методикаларини жорий этиш бўйича ҳали олдимизда кўплаб долзарб вазифалар турганини яхши англаймиз ва уларнинг ечими устида доимий иш олиб борамиз.
Муҳтарам устозлар!
Сизларни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонингизга
тинчлик-хотиржамлик, файзу-барака тилайман!
Доимо соғ-омон бўлинг, азиз ва муҳтарам устозлар!
Баҳром НОРҚОБИЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитаси
РАИСИ
Манба: Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати