УЧРАШУВЛАР ВА НАТИЖАЛАР

УЧРАШУВЛАР ВА НАТИЖАЛАР

Париж шаҳрида Халқаро эпизоотик Бьюро ассамблеясининг 87-бош сессияси бўлиб ўтди. Икки томонлама ташкил этилаётган кенг ва тор доирадаги учрашувлар эса ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланишига замин яратади. Албатта бу жараёнда хориж тажрибасини ўрганиш, амалиётга тадбиқ этиш фаолиятни тўғри йўлга қўйишда муҳим аҳамиятга эга.

87-бош сессия доирасидаги дастлабки учрашув Халқаро эпизоотик Бьюро бош директори Моника Элуа билан бўлиб ўтди. Эслатиб ўтиш жоизки, Элуа хоним 2017 йил мамлакатимизга ташриф буюриб, Бутунжаҳон ҳайвонлар соғлигини ҳимоя қилиш ташкилоти ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитаси ўртасида келишув меморандуми имзоланган эди. Мулоқотлар давомида юртимиз делегацияси мазкур ташрифдан сўнг соҳада кенг кўламли ўзгаришлар олиб борилгани билан таништириб ўтди. Қўмита раиси ветеринария хизмати мустақил вазирлик мақомидаги давлат органи сифатида фаолият кўрсатиб, чорвачилик, наслчилик, умуман ҳайвонлар соғлигини сақлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритаётганини алоҳида қайд этди. Жаҳон банки томонидан ажратилган 2 млн. АҚШ доллари ва молиявий институтлар билан ҳамкорлик янгича асосда йўлга қўйилганлиги ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Моника Элуа ветеринария хизматидаги жиддий ўзгаришларни юксак баҳолаб, Ўзбекистон Президентининг ушбу соҳани қўллаб-қувватлаётгани мамлакатни мазкур йўналишда жаҳон бозорига чиқиши учун қулай имконият яратишини мамнуният билан айтиб ўтди.

МОНИКА ЭЛУА, Халқаро эпизоотик Бьюро (OIE) Бош директори:

-Ҳозирда Ўзбекистон билан 2 та йирик лойиҳа устида иш олиб боряпмиз, бу лаборатория-диагностика ишлари бўйича техник ёрдам кўрсатиш орқали сифатли хизматни йўлга қўйиш, 2-ветеринария хизматида миллий стратегияни ишлаб чиқиш. 2020 йилда эса биз Ўзбекистонда навбатдаги Халқаро эпизоотик бюронинг Европа бўйича минтақавий комиссиялари конференциясини ўтказишни режалаштиряпмиз. Яъни, Европа экспертлари Тошкентда соҳадаги муҳокамаларни олиб борадилар.

Учрашувда Ўзбекистон томони ўз таклифларини ҳам билдирди. Унга кўра, экспертларнинг юртимизда ветеринария хизматини баҳолаш якунлари бўйича хулосалари, ҳамкорликда тренинг лойиҳаларини жорий этиш ва Ўзбекистонда Халқаро эпизоотик бюронинг Марказий Осиё Давлатлари учун ҳудудий ўқув марказини ташкил этиш, лаборатория, моддий-техник базасини мустаҳкамлашда ташкилот амалий кўмак кўрсатиши ҳамда 182 та аъзо давлат иштирокида глобал анжуманларни Ўзбекистонда ўтказиш юзасидан келишиб олинди. Томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик янада мустаҳкамланиб бораётгани тизимни комплекс ривожлантиришга хизмат қилаётгани айтиб ўтилди. Халқаро эпизоотик бюро соҳада кўрсатаётган Ўзбекистон ташаббусларини ҳамиша қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирилди.

МЕРЕКЕ ТАЙТУБАЕВ, Халқаро эпизоотик Бьюронинг Марказий Осиё бўйича минтақавий мувофиқлаштириш офиси раҳбари:

-Икки лойиҳани тадбиқ этиш режалаштирилган, бу Халқаро эпизоотик бюронинг ветеринария қонунчилик ва таълим жараёнлари билан боғлиқ. Бизнинг сўнгги халқаро экспертлар билан бўлган мулоқотимиз шуни кўрсатдики, Ўзбекистон ветеринария соҳасини халқаро стандартларга мос равишда тубдан янгилашга киришган. Минтақанинг бу йўналишдаги салоҳияти юқори, ўйлайманки, бундай ҳаракатда ветеринария хизмати яна янги кўрсаткичларга эришади. Бу эса ўрнак бўлиш даражасига олиб чиқади.

Кун тартибидаги яна бир муҳим вазифа таълим жараёнлари билан боғлиқ, яъни кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш. Делегация аъзолари иштирокидаги мулоқотларда ўзаро тажриба алмашиш, тайёрлов курслари ва семинар-тренинглар ташкил этиш, ҳамкорликда ўқув қўлланмалари ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Айнан ветеринария хизматини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон қонунчилигига тўхталиб, унда белгиланган вазифалар халқаро меъёрлар асосида эканлиги эътироф этилди. Монголиялик вакиллар билан бўлиб ўтган мулоқот чорвачилик товарлари экпортига қаратилди. Албатта бу жараёнда маҳсулот халқаро станлартларга мос келиши, Давлат ветеринария назорати талабларига жавоб бериши муҳим эканлиги айтиб ўтилди. Шунингдек, чорва маҳсулотлари савдосини тўғридан-тўғри амалга ошириш ишлари юзасидан ҳам келишиб олинди.


БАЦУХ БАСАН, Монголия миллий ветеринария агентлиги бошқарма бошлиғи:

Монголия чорва молларини етиштириш бўйича катта салоҳиятга эга. Бу эса Ўзбекистон ва бизнинг давлат ўртасида яхши ҳамкорлик ўрнатиш, ўзаро савдо алоқаларини йўлга қўйишда 2 томон учун ҳам манфаатли ва ветеринария хизматини ривожлантиришда ўйлайманки, муносабатларимиз янада мустаҳкамланади. Бу эса халқларимиз фаровонлигига ҳам хизмат қилади.

Навбатдаги учрашув Ўзбекистоннинг Париждаги элчихонасида бўлиб ўтди. “Jemifizun” (Жемифижун) компанияси вакиллари билан қорамол етиштириш, сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш масалалари кўриб чиқилди. Бунда асосий эътибор чорва сотиб олиш ва уни парваришлаш жараёнларига қаратилди. Француз томони бу борада мутахассисларни ўргатишга ва Ўзбекистонда қўшма корхоналар очишга тайёрлигини билдирди.

Мутахассилар фикрига кўра, инсонлар орасида юқумли касалликларнинг 75%и айнан жониворлардан юқиши мумкин бўлган касалликлардир.

Демак, ҳайвонларни ҳимоя қилиш орқали одамзот ўз саломатлигини ҳам асрайди, қолаверса, бу глобал аҳамиятга эга жараён халқаро ҳамкорлик, ўзаро тажриба алмашиш ва соҳага малакали мутахассисларни жалб этишни, шунингдек, молиявий маблағлар йўналтиришни ҳам тақозо этади.

Соҳа учун ажратиладиган грант маблағлари халқаро молия институлари томонидан Халқаро эпизоотик Бьюронинг хулосаси бўлган тақдирдагина ажратилади. Самарали кечган учрашувда ушбу муҳим жиҳат ҳам муҳокамалар марказида бўлди.

Манба: Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
давлат қўмитаси Ахборот хизмати