Маълумки, жорий йилнинг 13 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида чорвачилик тармоқларини янада ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Унда сохадаги бир қатор муаммоларни бартараф этиш билан биргаликда жойларда тарғибот ва ташвиқот ишларини мунтазам ташкил этиш вазифалари топширилганди. Белгиланган вазифалар ижросини сифатли таъминлаш учун ҳафтанинг ҳар жумаси “Чорвачилик куни” деб эълон қилинди. Бунда, тармоқнинг ҳар бир раҳбари ва ҳоким чорвадорлар билан учрашиб, топшириқлар ижроси доирасида уларнинг муаммосини ҳал қилиб бориш вазифаси белгиланди.
Мазкур вазифалар ижроси доирасида Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамда вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ҳамкорлигида Зангиота туманида жойлашган “Melek Best Milk Agro” МЧЖда “Даладан дастурхонгача” мавзусида амалий семинар ўтказилди. Тадбирда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитаси рахбар ходимлари, вилоят хокимлиги мутасаддилари, худудий “Чорванасл” марказлари ва барча туманлар ветеринария мутахассислари ҳамда чорвадор-фермерлар иштирок этишди.
Семинарда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитаси раиси Баҳромжон Норқобилов Хукуматимиз томонидан чорвачилик соҳасининг барча тармоқларини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, бу борадаги топшириқларнинг жойлардаги ижроси, айниқса, наслчилик-селекция ишларининг тизимли ташкил этилаётганини алоҳида эътироф этди.


Шунингдек, семинарда сунъий уруғлантиришнинг наслли қорамоллар бош сонини оширишдаги аҳамияти, озуқа базасини мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди. Чорвачиликда наслчилик-селекция ишларини самарали юритиш, қорамолларни озиқлантиришда озуқа рационига эътибор қаратиш, гўшт етиштиришга ихтисослашган бўрдоқичилик хўжаликларини янада кўпайтириш, аҳоли хонадонларида сигирларни сунъий уруғлантириш ишларининг мукаммал тизимини йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди. Чорвачиликда наслчилик ва сунъий уруғлантириш ишларини самарали ташкил этиш мақсадида қўмита раиси томонидан худудий “Чорванасл” марказларига 15 та “Damas” хизмат автомашиналари тантанали равишда топширилди. Семинар давомида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитаси “Ўзбекчорванасл” агентлиги директори А.Абдуллаев қорамолларни парваришлаш ва сақлашнинг эътиборга молик жиҳатлари хусусида тўхталиб ўтди. Тадбирда чорвачиликка доир барча масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, сунъий уруғлантириш орқали чорва ҳайвонлари маҳсулдорлигини ошириш, чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва уларнинг таннархини арзонлаштиришга имкон яратилади. Сунъий уруғлантиришни қўллаганда зоти ва маҳсулдорлиги паст буқаларни сақлашда зарурият қолмайди ва бу уларни ўз вақтида ахталаб ва семиртириб сотишга, шу билан бирга ем-хашаклардан унумли фойдаланишга имкон беради. Сунъий уруғлантириш йўли билан олинган бузоқлар табиий усулда қочириш орқали олинган бузоқларга нисбатан тез ўсиши ва касалликларга нисбатан чидамлилиги жиҳатлари бўйича катта афзалликларга эга. Шунинг учун сунъий уруғлантиришни самарали ташкил этишга катта эътибор қаратилмоқда. Деярли барча ферма ва худудий “Чорванасл” марказлари бўлимларида сунъий уруғлантириш шохобчалари ташкил этилган бўлиб, улар наслдор буқаларнинг музлатилган уруғлари, уруғлантириш асбоб ва жиҳозлари билан таъминланган.
Манба: Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати