МАТБУОТ АНЖУМАНИ

МАТБУОТ АНЖУМАНИ

Республика миллий матбуот марказида Давлат ветеринария қўмитасининг “Ветеринария соҳасида мутахассис кадрлар тайёрлаш, уларни тақсимлаш ва малакасини ошириш борасида амалга оширилган ишлар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманни Давлат ветеринария қўмитаси раиси ўринбосари Аброр Акбаров кириш сўзи билан очиб берди.


Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 июндаги “Давлат ветеринария хизмати бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5067-сонли Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3026-сонли қарорига асосан ташкил этилган.

Тизимда жами 346 та шундан, 1 та Қорақалпоғистон Республикаси ветеринария қўмитаси, 13 та вилоят ва Тошкент шаҳар ветеринария бошқармалари, 4 та республика ташкилоти, 328 та ҳудудий давлат ветеринария органлари ва муассасалар мавжуд бўлиб, уларда 8 минг нафардан ортиқ ходимлар фаолият олиб боради.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 июндаги ПҚ-3026-сонли «Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ветеринария соҳаси учун кадрлар тайёрлаш давлат таълим стандартлари танқидий кўриб чиқилиб, унга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Таҳлилларга кўра, бугунги кунда давлат ветеринария хизматида кадрлар тақчиллиги кузатилмоқда. Айни вақтда давлат ветеринария хизматида
7500 штат бирлигида ветеринария мутахассислари фаолият олиб боради. Шунинг 4700 штат бирлиги олий маълумотли ветеринария мутахассисларини ташкил этиб, бунинг 1300 дан ортиқ штат бирлигида олий маълумотли ветеринария мутахассислари етишмаслиги туфайли
ўрта-махсус маълумотли ветеринария мутахассислари фаолият олиб бормоқда.

Шунингдек, кадрларнинг ёшлари таҳлил қилинганда, 60 ёшдан ошган мутахассислар сони 948 нафарни ёки 20 фоизни, келажак 5 йилда нафақа ёшига етадиган мутахассислар сони 927 нафарни ёки 19 фоизни ташкил этади.

Ветеринария йўналиши бўйича олий таълим муассасаларида ҳар йили ўртача ҳисобда 200 нафар олий маълумотли ветеринария мутахассислари тайёрланаётган эди ва бу кўрсаткич соҳани кадрларга бўлган эҳтиёжини тўлиқ ҳал этиш имкониятини бермасди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 декабр Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида аграр соҳада замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган кадрлар етишмаётгани, Айниқса, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик соҳаларида ветеринар мутахассисларга эҳтиёж катта эканлиги алоҳида қайд этилди.


Чорва молларининг зотини яхшилаш, паррандаларда касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш бўйича илмий изланишлар деярли олиб борилмаётганлиги таъкидланиб, бундай ҳолатларнинг барчасини инобатга олиб, соҳага илмий ёндашувни ташкил этиш ва малакали кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш мақсадида юртимизда Ветеринария медицинаси институтини ташкил этишнинг фурсати келганлиги таъкидланди.

Жаҳоннинг илғор тажрибалари ўрганилган ҳолда, соҳанинг замон талаблари асосида ривожланишини ҳамда малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида 2018 йил 8 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Самарқанд ветеринария медицинаси институтини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3703-сон қарори қабул қилинди.

Институт олдига, соҳа учун кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини яратиш, ривожланган хорижий давлатларнинг ветеринария ва чорвачилик соҳаси бўйича илғор тажрибасини ўрганиш асосида таълим жараёнларига тадбиқ этиш, таълим бериш жараёнида назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш каби бир қатор вазифалар белгилаб берилди.

Жойлардаги олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, вилоятларга ажратилган квоталар асосида Институтга талабаларни қабул қилиш ташкил этилишига эришилди.

Олий маълумотли мутахассисларга бўлган дефицит ўрнини қоплаш мақсадида институтда сиртқи таълим жорий қилинди.

Жорий ўқув йилида институтга кундузги таълим бўйича 750 нафар бакалавр ва 50 нафар магистр йўналишига талабалар ўқишга қабул қилинган бўлса, 450 нафар талаба сиртқи таълим бўйича ўқишга қабул қилинди.

Шунингдек, кадрлар малакаси ва билим кўникмаларини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ветеринария хизмати ёш кадрларини тайёрлашни янада такомиллаштириш, мутахассисларнинг малакасини ошириш, шунингдек уларни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ветеринария мутахассисларининг малакасини ошириш тартиби белгиланган бўлиб, унга кўра малака ошириш курсларида ўқишни муваффақиятли тамомлаган ветеринария хизмати мутахассисларига иккинчи, биринчи ва олий малака тоифалари берилади.

Ўтган даврда, 500 нафардан ортиқ ветеринария мутахассислари малака ошириш курсларида ўқитилиб, уларга ўрнатилган тартибда малака тоифалар берилди.

Самарқанд ветеринария медицинаси институти базасидаги ўқув марказида халқаро эксперт-ўқитувчилар иштирокида ташкил этилган ўқув ва амалий семинарларда 100 нафардан ортиқ даволаш ва лаборатория ишлари билан шуғулланадиган ветеринария мутахассислари билим малакаси ва кўникмалари оширилди.

“Биология соҳасидаги ҳамкорлик” дастури доирасида ташкил этилган ўқув ва амалий семинарларда 200 нафарга яқин эпизоотологлар билим малакаси оширилди.

10 нафар мутахассислар Россия Федерациясининг Ҳайвонлар соғлиғини сақлаш илмий тадқиқот институтида малака ошириш курсларида ўқитилди.

Жойларда эпизоотияга қарши курашиш тадбирлари, ҳайвонларни даволаш ва профилактика ишларини ташкил этиш, ҳайвонларни соғлиғини сақлаш ва ҳайвонларни сунъий уруғлантириш каби мавзуларда 286 та ўқув ва амалий ҳамда кўргазмали семинарлар ташкил этилди.

Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Давлат ветеринария қўмитасидаги ёшлар манфаатларининг ҳақиқий ҳимоячиси бўлишига эришиш мақсадида Давлат ветеринария қўмитаси ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши билан биргаликда 2017 йил
14 декабрда 122-сонли қўшма қарор имзоланди.

Ушбу қўшма қарорга асосан қўмитанинг ички буйруғи ишлаб чиқилиб марказий аппаратда Ёшлар иттифоқи етакчилар кенгаши ташкил этилди. Етакчилар кенгаши раисига Қўмита раисининг ёшлар масалалари бўйича маслахатчси мақоми берилди.

Тизимдаги 4 та республика ташкилотида, Қорақалпоғистон республикаси ветеринария қўмитасида, 12 та вилоят ва Тошкент шаҳар ветеринария бошқармаларида фаолият кўрсатаётгн ёшлар ичидан ташаббускор, билимли, ватанни севадиган ёшларни танлаб ёшлар иттифоқининг худудий етакчилари сайланди.

Тизимдаги ёшларни тўлақонли қамраб олиш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларнинг муаммолари, фикр-мулохазаларини ўрганиш ва ҳал этиш бўйича Давлат ветеринария қўмитаси тизимида 2018 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Дастурда белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Давлат ветеринария хизматини ривожлантириш маблағлари хисобидан 75,2 млн. сўм ажратилди.

манба: Давлат ветеринария қўмитаси
Ахборот хизмати