Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 сентябрдаги “Ҳайвонларни идентификация қилиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 748-сонли қарори ижросини таъминлаш бўйича жойларда бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Бугунги кунда идентификация ишлари қарорда келтирилган Низомга асосан, 8 та ҳайвон тури – йирик шоҳли мол, майда шоҳли мол, туя, от, эшшак, чўчқа, ит ва мушук каби ҳайвонлар ўртасида амалга оширилмоқда.Ҳар бир ҳайвон турига тақиладиган атрибут тури, ҳайвонларни элекртон тарзда ҳисобга олиш ва ҳисобдан чиқариш тизимининг ишлаш жарёнини инобатга олган ҳолда, хорижий тажрибалар асосида ўрганиб чиқилди. Бизнинг иссиқ иқлим шароитимизга мос келувчи атрибутлар Давлат Стандартидан ўтказилди. Атрибутлар учун умумий Низом талаблари Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, қўмитанинг 2018 йил
18 июлдаги 48-сонли буйруғи билан тасдиқланди.
Ҳайвонларни идентификакция қилиш учун мутахассислар томонидан Туркия ва Швецария атрибутлари ўрганиб чиқилди. Атрибутлар ўлчами, электрон биркаларга 15 хонали такрорланмас рақам берилганлиги, ранги, рангсизланиши, антиалергик хомашёдан тайёрланганлиги ҳамда иссиқ иқлим шароитига чидамлилиги Давлат стандартидан ўтказилди.
Бу борада халқаро ташкилотлар билан ҳам муҳим ҳамкорлик алоқалари ўрнатилмоқда. Мазкур чора-тадбирлар доирасида Республикамизга халқаро экспертлар жалб қилиниб, амалий ишлар босқичма-босқич олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг 5 март куни Тошкент шаҳридаги “Dedeman” меҳмонхонасида чорва ҳайвонларини идентификация қилиш бўйича халқаро экспертларнинг биринчи босқич якунларига бағишланган тақдимоти ва муҳокамалари мавзусида анжуман бўлиб ўтди.



Унда Европа Иттифоқи, Жаҳон банки, Осиё Тараққиёт банки, Белорусь Республикаси идентификация маркази экспертлари, бир қатор манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этишди.


Тадбирни Давлат ветеринария қўмитаси раиси ўринбосари Аброр Акбаров кириш сўзи билан очиб берди.
Анжуманда македониялик халқаро эксперт Слобаден Чокревский бу борада ўз тақдимотини намойиш этди. Ўзбекистонда идентификация ишларини янада кенг жорий этиш талаб этилади.
Идентификация килинган ҳайвонларни ягона электрон маълумотлар базасига киритиш орқали озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, аҳолини сифатли чорвачилик маҳсулотлари билан таъминлаш шунингдек, аҳоли ўртасида ҳайвонотга мансуб бўлган турли касалликлар келиб чиқишининг олдини олишга эришиш мумкин.



Шунингдек, эксперт Слобаден Чокревский идентификация жамиятда ва аҳоли орасида соғлом муҳит шаклланишида муҳим роль ўйнашини, идентификация-чорвачилик маҳсулотларининг хорижга экспорт қилинишида бирмунча қулайлик яратиши мумкинлигини алоҳида урғулади.
Давлат ветеринария қўмитаси
Ахборот хизмати