Жорий йилнинг 20 май куни Франциянинг Париж шаҳрида Халқаро ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш ташкилоти (Халқаро Эпизоотик Бюро) ассамблеясининг 86-бош сессияси ўз ишини бошлади. Ушбу бош сессияда 181 мамлакатдан 800 нафарга яқин қатнашчилар иштирок этмоқда. Жумладан, Давлат ветеринария қўмитаси раиси Б.Норқобилов бошчилигида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда.
Халқаро Эпизоотик Бюрога бугунги кунда 181 мамлакат аъзо бўлиб, ушбу ташкилотнинг олий органи Делегатларнинг Бутунжаҳон Ассамблеяси ҳисобланади ва ҳар йили май ойида Бюронинг штаб квартирасида (Париж шаҳри) аъзо мамлакатларнинг делегатлари иштирокида бош сессия бўлиб ўтади.
Бош Ассамблеянинг жорий йилда ўтказилган сессиясида ҳайвонлар касалликлари соҳасида янги халқаро стандартлар қабул қилиниши, хусусан, ҳайвонлар касалликларига қарши курашиш шунингдек, ҳайвонлардан одамларга юқадиган касалликларга қарши курашиш (уларнинг назорати) ҳамда ҳайвонларни муҳофаза қилиш соҳасида, халқаро савдо-сотиқда озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса чорвачилик маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш каби соҳаларда долзарб масалалар кўриб чиқилиши белгиланган.

Бош сессиянинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси давлат ветеринария қўмитаси раиси Б.Норқобилов сўзга чиқди.
Давлат ветеринария қўмитаси раиси ўз сўзида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан ветеринария соҳасида амалга оширилган туб ислоҳотлар, соҳада эришилган ютуқлар ва натижалар ҳамда Халқаро Эпизоотик Бюро билан Ўзбекистон ҳукумати ҳамкорлигининг янги даври борасидаги фикрлар илгари сурилди.
Халқаро Эпизоотик Бюро ассамблеясининг 86-бош сессияси 25 майга қадар давом этади.
Манба:Давлат ветеринария қўмитаси
Ахборот хизмати