Франция пойтахти Париж шаҳрида Халқаро ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш ташкилоти (Халқаро Эпизоотик Бюро) ассамблеясининг 86-Бош сессияси доирасида 22 май куни Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси раиси Б.Норқобилов раҳбарлигидаги Ўзбекистон делегацияси Халқаро Эпизоотик Бюро бош директори М.Элуа билан расмий учрашув ўтказди.


Учрашув доирасида Ўзбекистон хукумати ва Халқаро Эпизоотик Бюро ўртасидаги хамкорликни келгусида янада мустаҳкамлаш юзасидан бир қатор масалалар муҳокама қилиниб, келишувларга эришилди.
Жумладан, 2019 йилда 181 давлат вакиллари иштирокидаги ассамблеянинг Бош сессияси давомида бир кунни “Ўзбекистон куни” этиб белгилаш ва уни нишонлашга келишилди.
Ташкил этиладиган “Ўзбекистон кунида” Ўзбекистон диёри, унда етишиб чиққан буюк мутафаккир ва алломалар, шунингдек, Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти ҳақида маълумотлар берилади ва ўзбекона миллий таомлар тортилиб, миллий урф одатлар ва анъаналарни намойиш қилиш орқали 181 давлат вакиллари ўртасида Ўзбекистон ҳақида тасаввур шаклланишига эришилади.
Шунингдек, янгидан ташкил этилган Самарқанд ветеринария медицинаси институтида твининг лойиҳаларни амалга ошириш, ветеринария мутахассисларини тайёрлашда ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришилди.
Бу лойиҳа орқали ҳорижнинг илғор университет ва институтлари профессор ўқитувчиларини янги ташкил этилган институтга жалб этиш, талабаларни тор доираларда ўқитиш, масофадан ўқитиш каби ишларни амалга ошириш орқали ветеринария мутахассисларини халқаро талабларга мувофиқ тайёрлашга замин яратилади.
Manba: Давлат ветеринария қўмитаси
Ахборот хизмати